Текшириш

Диагностика

Диагностика (юн. диагностикос — аниқлашга қодир) — клиник тиббиёт ва ветеринариянинг касалликни аниқлаш, уни даволаш ва олдини олиш тадбирларини ишлаб чиқиш мақсадида организмни текшириш усулларини ўрганадиган бўлими. Д. фан сифатида уч асосий қисмга бўлинади:

1) беморнинг шикоятларини йиғиш ва ўрганиш методикаси, касалланиш ва ҳаёт тарихи, шунингдек, диагностик техника, яъни беморни текшириш усуллари;

2) касалликларда кузатиладиган ҳар хил белгилар (симптомлар) ҳақидаги таълимот (семиотика);

3) беморни текшириб, олинган маʼ-лумотларни танқидий нуқтаи назардан баҳолаб, ташқис қўйиш учун врачнинг муҳокама юритиш методикаси, яъни ташҳис методикаси.
Беморни текширишда, аввало, унинг сезгилари, касаллиги қачон бошланган ва қандай ўтгани, меҳнат ва турмуш шароити ё ўзидан, ёки яқин кишиларидан (гўдак болани текширишда онасидан) сўраб олинади, яъни анамнез тўпланади. Анамнез тўплаш ва беморнинг касаллик тарихини тўғри баён қилиб бериш ташҳис учун ғоят катта аҳамиятга эга.

Объектив текширишда бемор кўздан кечирилади ва палпация, перкуссия, аускултация методлари қўлланилади. Нерв системаси ва сезги аъзоларини текширишда рефлекслар, сезувчанликнинг ҳар хил турлари, кўрув ва эшитув, таъм ва ҳид билув ўткирлигини аниклаш учун махсус усуллар татбиқ этилади. Олий нерв фаолиятини ўрганиш Д.нинг муҳим вазифаларидандир. Бундан ташқари, гавда т-раси ва қисмлари ўлчанади (термометрия ва антропометрия), ичкарироқда жойлашган аъзоларни текширишда ҳар хил кўзгулар (қулоқ, бурун, ҳиқилдоқ, қин кўзгулари) ва оптик асбоблар (кўзни текширишда — офталмоскоп, қизилўнгачни кўришда — эзофагофиброскоп, меъда-ичак текширишда — гастродуоденофиброскоп, колоноскоп ва ҳ.к.)дан фойдаланилади.

Юрак ва томир ҳаракатларини қоғозга ёки фото-плёнкага ёзиб олиш (кардиография ва сфигмография)нинг аҳамияти катта. Юрак ва миядаги электр потенциалларининг ўзгаришларини қайд қилиш (электрокардиография ва электроэнсефалография) айниқса кимматли усулдир. 20-аср охирида ички аъзолар касалликлари Д.сида ултратовуш техникаси, магнит резонанс аппарати, компютер томография усуллари кенг қўлланила бошлади. Баъзи касалликларни аниклашда радиоактив изотоплар татбиқ этилади. Бунда нафас олиш, кон айланиш, ажратиш аъзолари ва эндокрин системалар ҳолати, шунингдек, моддалар алма-шинувининг бузилиши аниқланади.

Лаб.да қон, сийдик, ахлат, балғам, шунингдек, кўмик, жигар, талоқ, лимфа тугунларини пункция қилиб олинган материаллар микроскопик, физик ва кимё-вий текширишдан ўтказилади (қаранг Биопсия). Касалликни қўзғатган микроблар ва иммунитетнк аниклаш мақсадида ўтказиладиган бактериологик, иммунологик ва серологик методлар Д. учун катта аҳамиятга эга. Ҳоз. радиотелеметрик Д. усули (бирор кўрсаткични масофадан ўлчаш) ишлаб чиқилган.
Айрим ҳолларда касаллик симптомлари кам, чалкаш бўлиши ёки типик бўлмаслиги мумкин. Бундай ҳолларда дифференциал Д. усули қўлланилади: врач беморда топилган симптомларни тахмин қилинаётган касалликларга мос келиш-келмаслигини мукаммал таҳлил қилиб, тахмин қили-наётган касалликларни ҳисобдан чиқара боради ва шу йўл билан муайян хулосага келгач, касалликка ташҳис қўяди.
Функционал касалликлар Д.сида ташҳис қўйишда асосий ва йўлдош касалликлар ҳамда асоратлар сабаблари аникланади, система ва аъзолар фаолиятининг бузилиш даражаси белгиланади, текширилаётган беморнинг шундай касаллик билан оғриган бошқа бемордан фарқ киладиган физиологик хусусиятлари ҳисобга олинади. Патолого-анатомик Д.да бемор вафот этганидан кейин уни ёриб олинган маълумотлар ва тўқималар бионтатини тахлил қилиш асосида ташҳис қўйилади. Д.ни такомиллаштиришда телекоммуникация, интернет ва электрон алоқалардан фойдаланиш мумкин.

Ветеринария Д.си умумий ва махсус бўлади. Умумий Д.да касал ҳайвонни рўйхатга олинади, анализлар йиғилади, шиллиқ қавати, лимфа ту-гунлари, юнги, териси текширилади, ҳарорати ўлчанади ва ҳ. к. Махсус Д.да эса ички аъзолар, кон, сийдик, ошқозон ва ичақдаги нарсалар, орқа мия суюклиғи, гўнги ва б. текширилади.

Мақолалар