Ултратовуш текшируви (УЗИ)

Ультразвуковое исследование (УЗИ)

Ултратовуш текшируви жараёнида юқори частотали товуш тўлқинлари бачадонга юборилади. Боладан қайтган товушлар ва акс садо компютер томонидан таржима қилиниб экранда боланинг жойлашиши ва ҳаракатлари намоён бўлади. Суяк каби қаттиқ жисмлар кўпроқ тўлқин қайтаргани сабабли оқ рангда кўринади, юмшоқроқ жисмлар эса кулранг ва ола тусда бўлади. Болани ўраб турган сувлар каби суюқликлар акс садо қайтармайди ва қора рангда кўринади. Мана шу уч ранг орасидаги контраст орқали шифокор-мутахассис кўринишларни тахлил қилади. Кўпгина ота-оналар ултратовуш текширувини интиқлик билан кутадилар, чунки бу уларга бўлажак фарзандлари билан илк танишув имконини беради. Баъзи жойларда мутахассис болангизнинг кўринишини қоғозга тушириб бериши ҳам мумкин. Лекин шуни унутмаслик керакки, Ултратовуш текширувидан мақсад фарзандингиз фотоальбомига илк суратни қўлга киритиш ёки унинг жинсини билиш эмас. Мақсад - фарзандингизнинг яхши ўсиб кўнгилдагидек ривожланаётганини текшириш.
Текширувни ким олиб боради?

Аёллар учун мўлжалланган, туғруқхоналар қошидаги поликлиникаларда ултратовуш текширувини махсус гинеколог мутахассис олиб боради.

Ултратовуш текшируви нима учун керак?

Ҳомиладорликнинг қайси босқичида қилинганига қараб ултратовуш текшируви оқуйидаги маълумотларни беради:
· Фарзандингизнинг юрак уришини текширади
· Бир ёки бир неча ҳомилангиз борлигини аниқлайди
· Ҳомиланинг нотўғри жойлашиши ҳақида маълумот беради, ҳомила бачадонда эмас, бачадон трубасида жойлашган бўлса.
· Аёлдан қон кетиши сабабини аниқлайди
· Фарзандингизнинг ўлчамларига асосланиб ҳомилангизнинг муддатини аниқлаштиради
· 11-14 ҳафтада боланинг бўйни орқасидаги суюқликни ўлчаш орқали Даун синдроми хавфини аниқлаштиради
· Қон текширувининг яхши чиқмагани сабабини аниқлаштиради
· Йўлдош ёки болани ўраб турган сувлардан анализ олиш каби ташхис жараёнларини осонлаштиради.
· Боланинг барча тана аъзоларининг нормада ривожланишини кўрсатади.


Текширув бола жинсини аниқлаштирадими?

18 ҳафтага яқин қилинганда боланинг жинсини айтиш мумкин, лекин бола ноқулай ҳолатда ётган бўлса жинсини аниқлаш мушкул. Баъзи муассасаларда бола жинсини айтиш ман қилинган, чунки бу одатда 100 фоиз тўғри маълумот бермайди.

Текширув қандай амалга оширилади?

Текширув эрта муддатда ўтказилаётган бўлса аёл олдиндан кўпроқ суюқлик ичган бўлиши керак. Қовуқ бачадонни итариб турса тасвир аниқ ва равшан чиқади. Мутахассис текширилаётган аъзога бироз совуқ гел суртиб кичик датчикни терининг устидан ҳаракатлантириши натижасида боланинг тасвирлари намоён бўлади.

Агар бола жуда чуқур жойлашган бўлса ёки аёл ўта семиз бўлган тақдирда тасвирлар аниқ бўлмайди. Бу ҳолда вагинал текширув керак бўлади. Вагинал датчик узун ва ингичка кўринишда бўлади. Усти презерватив каби қоплама билан ёпилиб, киришини осонлаштирадиган суртма суртилади. Датчикнинг бироз ичкарига кириши етарли бўлиб бу усул на аёл, на болага салбий таъсир кўрсатмайди. Вагинал текширувда бола тасвири оддий текширувдагидан анча тиниқ ва равшан бўлади. Бу усул айниқса илк муддатда қўл келади.

Ултратовуш текшируви оғриқлими?

Қорин усти текшируви оғриқсиз бўлиб, аёл тўлган қовуғи устидан датчикнинг босилиши сабабли бироз ноқулайлик сезиши мумкин.ҳомиладорликнинг кейинги босқичларида қовуқнинг тўла бўлиши шарт бўлмасада, баъзи муассасаларда бу ҳанузгача талаб қилинади.

Вагинал текширувининг бир ютуғи шундаки, унда қовуқ бўш бўлиши керак, шунинг учун баъзи аёллар бу усулни қулайроқ деб биладилар. Асосийси шуни эсда сақлаш керакки, мутахассис бундай текширувни ҳар куни амалга оширади. Аёлнинг усти ёпилган бўлади, ундан фақат мускулларни юмшатиш талаб қилинади.

Текширувлар одатда қачон амалга оширилади?
Кўпгина муассасаларда боланинг ривожланиши яхши кетаётганига амин бўлиш учун текширувни иккинчи триместер, яъни 20 ҳафталарда ўтказишни тавсия қилинади.

Ҳозирги кунда ҳар бир ҳомиладор аёлга биринчи триместер, яъни ҳомиладорликнинг 10-13 ҳафтасида ҳомиладорлик муддатини тасдиқлаш мақсадида текширувдан ўтиш тавсия қилинмоқда. Даун синдроми текшируви амалга ошириш учун ҳам илк триместер текшируви муҳим.

Аёл илк муддатда кучли оғриқ сезса ёки унда қон кетиши кузатилса текширувни яна ҳам эртароқ, олти-ети ҳафталарда амалга ошириш мумкин.

Учинчи триместерда (28-40 ҳафта) боланинг ўсишини текшириш бир неча ҳолда тавсия қилинади: олдинги бола кичик туғилган бўлса, аёл эгизак кутаётган бўлса, аёлда қандли диабет каби ҳомиладорликка таъсир қилувчи омиллар бор бўлса ва ҳоказо.

Ултратовуш текшируви мажбурийми?
Ўзбекистонда кўпчилик аёллар ҳомиладорлик давомида камида бир марта ултратовуш текширувидан ўтсаларда, бу мажбурий эмас. Текширувлар ҳомила ҳақида фойдали ва ишончли маълумотлар бера олади ва кўпгина аёллар текширувни қизиқарли ва умидли деб биладилар. Шундай бўлсада текширув ҳамма носозликларни намоён қилмайди, баъзида эса текширув натижалари ноаниқлик ва ҳавотирни юзага келтириши мумкин.

Сизга ултратовуш текшируви тавсия қилинган бўлсаю, сиз истамасангиз, гинекологингиздан текширув ўтказишдан мақсад нималигини сўранг. Қилдириш ёки қилдирмаслик ҳақидаги охирги ҳулоса фақат ва фақат сизда тегишлидир.

Текширув ҳавотирли натижалар кўрсатса:
Ҳавотирли натижалар аёлни қаттиқ ташвишга қўйиши табиий. Баъзида ултратовуш текширувининг ўзи умуртқа носозликлари каби ҳасталикларга ташхис қўяди. Бошқа ҳолларда текширув «маркерлар» деб номланувчи кичик ўзгаришларнигина намоён қилади. Бу ўзгаришлар Даун синдроми каби каттароқ муаммолардан ҳабар бериши мумкин.

Мутахассис бирор бир носозликни топган тақдирда аёлни 24 соат давомида шифокорга ёки керак бўлганда 72 соат ичида эмбрионлар бўйича мутахассисга йўллаши керак. Бу боланинг ҳромосомаларини текширувчи анализлар олиш ва шунга ўхшаш синовлар ўтказишга замин яратади.

Камдан кам ҳолларда бола саломатлигида жиддий моаммо кўрилса, аёл ҳомиладорликни тугатиш, кўпроқ парваришга муштоқ бўлган болани туғиш ёки баъзан ҳали туғилмаган чақалоқда ҳирургик операсияни амалга оширишга розилик бериш кабиларни танлаши, бунинг учун унга маънавий кўмак ва вақт керак бўлади.

Ултратовуш текшируви зарарсизми?
Ултратовуш текшируви ҳомиладорлик учун 30 йил давомида қўлланилиб келмоқда. Шу пайт мобайнида ҳали унинг нохуш томонлари кўрилмаган. Ултратовуш текшируви билан боланинг туғилгандаги вазни, болалардаги лейкемия, саратон касаллиги, кўз , қулоқ касалликлари ёки нутқ носозликларининг алоқадорлиги кўрсатилмаган. Шундай бўлсада, кўпгина экспертлар текширув аниқ тиббий кўрсатма билангина, ташхис қўйиш мақасадида ва иложи борича оз амалга оширилиши кераклигини таъкидлайдилар.

Мақолалар