Эндокринология

Эндокринология

Эндокринология [эндо… ички ва юн. krinei ажратиш ва .. логия – фан] – клиник тиббиётнинг бир соҳаси. Ички секреция безларининг тузилиши, ривожланиши ва фаолиятларини, улар ишлаб чиқарадиган гормонлар ҳамда уларга алоқадор касалликларни ўрганади.

Эндокринология фан сифатида 19-а. нинг 2-ярмидан шаклланди. Немис физиологи А. Бертольд хўроларнинг уруғдонини олиб бичилган ёки ёш хўрозларга ўтказган, бунда уруғдон ўтказилган хўрозда турли физиологик ва морфологик ўзгаришлар юз берган. Бу эндокринология соҳасидаги илк тажриба эди (1849).

Эндемик бўқоқни тугатиш ва қалқонсимон безнинг бошқа касалликларини ўрганиш, даволаш ўлкамиз учун муҳим илмий ва ижтимоий муаммо бўлганлиги 1957 й. Ўзбекистон ФА таркибида ташкил этилган Ўлка тиббиёти илмий текшириш институтининг асосий йўналишини белгилади. Ўлка тиббиёти илмий текшириш институти негизида 1989 й. Эндокринология институти ташкил этилди. Р. Қ. Исломбеков, Ё. X. Тўракулов дунёда биринчи бўлиб буқоқ касаллигини аниқлаш ва даволашнинг янги усулини ишлаб чиқиб, нуфузли мукофотга сазовор бўлишди (1964). Қалқонсимон безнинг нормал, тиреоид патолгияда ҳамда радиойодтерапияда олинган биокимёвий, патофизиологик ва клиник морфологик кўрсаткичлари натижалари ижобий самара берди.

Республикада 1998 й. йод етишмовчилиги ҳолатлари бўйича кенг миқёсда эпидемиологик изланишлар олиб борилди ва унинг ўртача тарқалиш даражаси аниқланди. Ички секреция безларини (қалқонсимон без, қалқонсимон без олди безлари ва буйрак усти бези) суюқ азотда криоконсервация қилиш ва унинг етишмовчилиги бор беморларни трансплантация йўли билан даволаш усули ишлаб чиқилди ва амалиётга татбиқ этилди. Ўрта Осиё давлатларида биринчи бор криоконсервация қилинган тўқималар банки (1000 та яқин тўқималарни ёзмайдиган) ташкил этилди. Қалқонсимон без ракини биокимёвий, генетик ва морфологик текширишнинг янги усуллари жорий қилиниб, жарроҳлик, радиологик ва консерватив терапия усулларини қўллаш алгоритми ишлаб чиқилди (проф. С. И. Исмоилов). Диффуз токсик буқоқ ва ўртача ўткир тиреоидитда беморларнинг иммунологик тизими ўрганилди ва бу кўрсаткичлар даволашнинг турли усулларида ўзгариши ва динамикаси аниқланди. Қандли диабет ва унинг асоратларининг эпидемиологияси, этиопатогенези асосида наслий омилларнинг аҳамияти, касалликнинг тарқалишига мойиллик туғдирадиган ички ва ташқи омиллар ҳар томонлама тадқиқ этилиб, уларни чегаралаш, беморларни ўз ҳолатини назорат қилишга ўргатиш усуллари ишлаб чиқилди (проф. 3. С. Акбаров).

Мақолалар