Аҳолининг репродуктив ҳуқуқлари

"Фуқароларнинг репродуктив саломатлигини ҳимоя қилиш тўғрисида" ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни

1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади

Ушбу Қонуннинг мақсади фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.

2-модда. Фуқароларнинг репродуктив саломатлиги тўғрисидаги қонун ҳужжатлари

Фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатларидан иборатдир.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.

3-модда. Асосий тушунчалар

Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

фуқароларнинг репродуктив саломатлиги – инсоннинг репродуктив тизими, унинг функциялари ва ҳаётий жараёнлари билан боғлиқ бўлган жисмоний, ақлий ва ижтимоий жиҳатдан тўлиқ соғ-саломатлик ҳолати;

фуқароларнинг репродуктив ҳуқуқлари – фуқаронинг ишончли ва тўлиқ ахборот олиш, шунингдек туғишни тартибга солишнинг хавфсиз усулларидан фойдаланиш, фарзанд кўриш хусусида мустақил қарор қабул қилиш ҳуқуқи, шунингдек контрацепциядан фойдаланиш ҳуқуқи;

бепуштлик – контрацепция усулларидан фойдаланмасдан бир йил давомидаги мунтазам жинсий муносабатларда аёлнинг ҳомиладор бўлишга ёки эркакнинг зурриёт қолдиришга эриша олмаслиги;

ёрдамчи репродуктив технологиялар – даволанувчи ҳомиладорликка эришишига қаратилган тиббий технологиялар, даволаш усуллари ва муолажаларнинг жамланма номи бўлиб, улар қўлланилганида ҳомиладор бўлишнинг айрим ёки барча босқичлари бўлғуси онанинг организмидан ташқарида амалга оширилади;

контрацепция – исталмаган ҳомиладорликнинг олдини олувчи усуллар ва воситалар;

суррогат оналик – суррогат она дастурини қўллаш ҳуқуқига эга бўлган, генетик ота-она ҳисобланувчи шахслар (шахс) учун экстракорпорал уруғлантиришга ва кейин уруғланган тухумҳужайрани у билан генетик жиҳатдан боғлиқ бўлмаган аёлнинг бачадонига бола ҳомиласини етилтириш ва туғиш учун кўчириб ўтказишга асосланган ёрдамчи репродуктив технологиялар тури;

криоконсервация – тирик биологик объектларни паст даражали ҳароратда, уларнинг биологик функцияларини муздан туширилганидан кейин тикласа бўладиган ҳолда сақлаш;

эмбрион – ривожланишнинг саккиз ҳафтагача бўлган босқичдаги инсон ҳомиласи;

донорлик гаметни (маний, ооцит, эмбрионларни) бошқа шахсларга бепуштликдан халос бўлиши учун бўлғуси болага нисбатан донорнинг ота-оналик мажбуриятларисиз тақдим этиш.

4-модда. Ушбу Қонуннинг асосий принциплари

Ушбу Қонуннинг асосий принциплари қуйидагилардан иборат:

  • фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлашни ташкил этишнинг барча босқичларида сифатли тиббий хизматлар олиш имконияти;
  • фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш ва оилани режалаштириш соҳасидаги кафолатланган хизматлар ҳажмини таъминлаш;
  • фуқаронинг шахсий ҳаётига аралашувдан ҳимоя қилиш ва оила сирини сақлаш;
  • репродуктив муаммоларни ҳал қилишда инсонпарварлик, инсонга ҳурмат билан муносабатда бўлиш, ахборотнинг махфийлиги;
  • эркаклар ва аёлларнинг тенг ҳуқуқлилиги.

5-модда. Фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари

Фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари қуйидагилардан иборат:

  • фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш соҳасидаги давлат дастурларини ишлаб чиқиш, тасдиқлаш ва амалга ошириш;
  • фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш тизимини ривожлантириш ва такомиллаштириш;
  • фарзандлар туғилиши учун ота-оналарда масъулиятни тарбиялаш йўли билан уларда соғлом ва матлуб фарзандлар туғилишига нисбатан онгли муносабатни шакллантириш;
  • эркаклар ва аёллар ўз репродуктив ҳуқуқларини амалга оширишларида уларнинг имкониятлари тенглигини таъминлайдиган шароитларни яратиш;
  • фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш соҳасидаги илмий тадқиқотларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, уларнинг репродуктив саломатлигини яхшилаш учун замонавий услублар ва технологияларни жорий этиш;
  • аҳоли ўртасида уларнинг репродуктив саломатлиги масалалари бўйича тиббий билимлар ва тиббий маданиятни юксалтириш;
  • фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш соҳасидаги кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишни ташкил этиш;
  • фуқаролар ўз репродуктив ҳуқуқларини амалга оширишларида уларга тиббий, психологик ёрдам кўрсатиш.

6-модда. Фуқароларнинг репродуктив ҳуқуқларини амалга оширишга доир давлат кафолатлари

Давлат фуқароларга:

  • репродуктив танлов эркинлигини;
  • уларнинг репродуктив саломатлиги сақланишини ва репродуктив ҳуқуқларига риоя этилишини;
  • давлат томонидан белгиланган доираларда тиббий ёрдам олиш имкониятини, унинг изчиллиги ва бепуллигини;
  • соғлом оилани шакллантириш тўғрисидаги қарор камситишларсиз, таҳдидларсиз ва зўрлик ишлатилмасдан қабул қилинишини;
  • уларнинг шахсий ҳаётига аралашмасликни, шахсий ва оилавий сирнинг сақланишини;
  • давлат томонидан белгиланган ҳажм доирасидаги бирламчи тиббий-санитария ёрдамини;
  • фуқароларнинг мустақил қарор қабул қилишга бўлган ҳуқуқининг амалга оширилишини кафолатлайди.

Фуқаролар тиббий экспериментларга доир маълумотларни билган ҳолдаги ўзининг тўлиқ ва эркин ёзма розилигисиз жинсий йўналиш ҳамда репродуктив саломатлик билан боғлиқ тиббий экспериментларга жалб этилиши мумкин эмас.

7-модда. Фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш бўйича давлат томонидан кафолатланган хизматлар

Фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш бўйича хизматлар тиббий фаолиятни амалга ошириш учун лицензияга эга бўлган давлат соғлиқни сақлаш тизими муассасалари, шунингдек хусусий соғлиқни сақлаш муассасалари томонидан кўрсатилади.

Фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш бўйича кафолатланган хизматлар ҳажми давлат ҳокимияти органларининг норматив ҳужжатларида белгиланади.

8-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш соҳасидаги ваколатлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

  • фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш соҳасидаги давлат сиёсатини амалга оширади;
  • фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш соҳасидаги давлат дастурлари ишлаб чиқилишини, тасдиқланишини ва амалга оширилишини таъминлайди;
  • давлат органлари ва бошқа органларнинг фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштиради ҳамда унга раҳбарлик қилади;
  • фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш ва соғлом оилани шакллантириш бўйича давлат томонидан кафолатланган хизматлар рўйхатини тасдиқлайди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.

9-модда. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш соҳасидаги ваколатлари

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги:

  • фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш соҳасидаги давлат дастурларини ишлаб чиқади ва амалга оширади;
  • фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқишда иштирок этади;
  • фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш соҳасидаги кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишни таъминлайди;
  • фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш ва ҳимоя қилиш тизимини ривожлантириш ҳамда оилани режалаштириш бўйича хизматлар кўрсатишга доир чора-тадбирларни белгилайди;
  • аҳоли ўртасида фуқароларнинг репродуктив саломатлиги масалалари бўйича тиббий билимларни ва тиббий маданиятни юксалтириш юзасидан тушунтириш ишларини олиб боради.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.

10-модда. Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ваколатлари

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари:

  • фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш соҳасидаги ҳудудий дастурлар ишлаб чиқилишини, тасдиқланишини ва амалга оширилишини таъминлайди;
  • тегишли давлат органларининг фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш бўйича фаолиятини мувофиқлаштиради.

Давлат ҳокимияти маҳаллий органлари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.

11-модда. Фуқароларнинг репродуктив танлов эркинлиги ҳуқуқи

Фуқаролар қуйидаги ҳуқуқларга эгадир:

  • соғлом оилани шакллантириш, репродуктив саломатликнинг замонавий хавфсиз ҳамда самарали технологияларидан фойдаланган ҳолда ўз фарзандларининг сони, туғилиш вақти ва усули, туғишлар ўртасидаги оралиқ муддат хусусида мустақил ва масъулият билан қарорлар қабул қилиш;
  • ўз жинсий ва репродуктив ҳаётини, агар бу бошқа шахсларнинг соғлиғига хавф солмаса, мустақил йўлга қўйиш;
  • репродуктив саломатлигига нисбатан ҳар қандай шаклдаги камситиш ва таҳдиддан, шу жумладан жинсий эксплуатация ҳамда зўрлашдан, мажбурий ҳомиладорликдан, абортлардан, стериллашдан ва репродуктив ҳуқуқларнинг бошқа бузилишларидан ҳимояланиш;
  • тиббий-профилактика хизматларидан фойдаланиш ва саломатликка хавф солувчи воситалардан, шу жумладан илмий тажрибалар қўлланилишидан ҳимояланиш;
  • ўз репродуктив ҳуқуқларини амалга ошириш чоғида тиббий-ижтимоий, шунингдек психологик ва педагогик ёрдам олиш;
  • ёрдамчи репродуктив технологияларидан (шу жумладан, бола туғишни тартибга солиш услубларидан ва бепуштликни даволаш услубларидан) фойдаланиш;
  • ўзларининг эркин репродуктив танлов ҳуқуқи амалга оширилишида аралашувга йўл қўйилмаслиги.

Юридик ва жисмоний шахслар фуқароларнинг ўз жинсий ва репродуктив ҳуқуқларини амалга оширишлари билан боғлиқ ахборотни сир сақлаши шарт.

12-модда. Хотин-қизларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш ва она бўлиш ҳуқуқи

Аёл она бўлиш, репродуктив саломатлигини ҳомиладор бўлгунга қадар, ҳомиладорлик пайтида, туғиш ва туғишдан кейинги даврда даволашнинг замонавий услубларини қўллаган ҳолда ҳамда давлат томонидан ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватланган ҳолда сақлаш ҳуқуқига эгадир.

Ҳомиладорлик даврида тиббий аралашув иккала шерикнинг (эр ва хотиннинг), шерик (эр) мавжуд бўлмаган тақдирда аёлнинг ўз ёзма розилиги билан амалга оширилади.

Тиббий аралашувни рад этиш факти бунинг эҳтимолдаги оқибатлари кўрсатилган ҳолда тиббий ҳужжатларда қайд этилади ва ҳомиладор аёл томонидан, бунинг имкони мавжуд бўлмаса – унинг эри ёки қариндошлари томонидан ёзма равишда, бунинг ҳам имкони бўлмаса – тиббиёт ходимлари томонидан тузилган баённома билан тасдиқланади.

Аёл ҳомиладорликка, абортга мажбур қилиниши мумкин эмас. Бундай хатти-ҳаракатлар аёлга нисбатан зўравонлик деб ҳисобланиши керак.

Аёлни бунга мажбурлаган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўлади.

13-модда. Эркакларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш

Эркакларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш чора-тадбирлари тизими:

  • ёрдамчи репродукциянинг янги услублари каби янги тиббий технологиялар ишлаб чиқилишини ва клиник амалиётга жорий этилишини;
  • эркакларнинг репродуктив саломатлигини Ўзбекистон Республикаси Қуролли кучларида хизмат қилиш пайтида сақлашга қаратилган чора-тадбирлар тизимининг ишлаб чиқилишини ва жорий этилишини;
  • эркакларнинг репродуктив саломатлигини сақлашга қаратилган чора-тадбирлар тизимининг яратилиши ва жорий этилишини ўз ичига олади.

14-модда. Фуқароларнинг репродуктив саломатлиги тўғрисида ахборот олиш ҳуқуқи

Фуқаролар қуйидагилар тўғрисида ишончли ва тўлиқ ахборот олиш ҳуқуқига эга:

  • ўз репродуктив саломатлиги тўғрисида;
  • ўз репродуктив саломатлигини сақлаш бўйича репродуктив хизматлар олиш шартлари ва услублари тўғрисида;
  • замонавий контрацепция услублари, уларнинг афзалликлари ва камчиликлари тўғрисида;
  • ёрдамчи репродуктив технологияларни қўлланилган тақдирда ҳар қандай психологик ва физиологик оқибатлар, эҳтимолдаги асоратлар тўғрисида.

Фуқаролар ўз репродуктив ҳуқуқларини амалга ошириш учун зарур бўлган ўзга ахборотни олиш бўйича бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

15-модда. Фуқароларнинг репродуктив ҳуқуқлари амалга оширилишини таъминловчи ташкилотлар ва жисмоний шахслар фаолиятининг шартлари

Фуқароларнинг репродуктив ҳуқуқлари амалга оширилишини таъминловчи ташкилотлар ва жисмоний шахсларнинг фаолияти лицензия асосида амалга оширилади, Ўзбекистон Республикаси ҳукумати томонидан тасдиқланадиган намунавий низом ва унинг асосида ишлаб чиқиладиган уставлар билан тартибга солинади.

Фуқароларнинг репродуктив ҳуқуқлари амалга оширилиши билан боғлиқ хизматларни кўрсатувчи жисмоний шахслар белгиланган намунадаги сертификатга эга бўлиши лозим.

Фуқароларга репродуктив хизматлар кўрсатиш соҳасидаги мутахассисларни тайёрлаш Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланган тартибда ишлаб чиқиладиган ва тасдиқланадиган давлат таълим дастурлари бўйича амалга оширилади.

16-модда. Ёрдамчи репродуктив технологиялардан фойдаланиш тартиби

Никоҳда турган эркак ва аёл икки тарафнинг тиббий аралашувга доир маълумотларни билган ҳолда тиббий аралашувга ихтиёрий розилиги мавжуд бўлган тақдирда, ёрдамчи репродуктив технологиялар қўлланилиши ҳуқуқига эга. Ёлғиз аёл ҳам тиббий аралашувга доир маълумотларни билган ҳолда тиббий аралашувга ихтиёрий розилиги мавжуд бўлган тақдирда, репродуктив технологиялар қўлланиши ҳуқуқига эга.

Ёрдамчи репродуктив технологиялардан фойдаланилганда бўлғуси фарзанднинг жинсини танлашга йўл қўйилмайди, бундан жинс билан боғлиқ касалликлар насл суриши эҳтимоли мавжуд бўлган ҳоллар мустасно.

Фуқаролар ўз жинсий ҳужайраларининг, эмбрионларининг ва репродуктив аъзолари тўқималарининг криоконсервация қилиниши (музлатиб қўйилиши) ва сақлаб қўйилиши ҳуқуқига эгадир.

Инсоннинг жинсий ҳужайралари, эмбрионлари ва репродуктив аъзоларининг тўқималари ҳарбий, саноат ва тижорат мақсадларида фойдаланилиши мумкин эмас.

Донорлик жинсий ҳужайраларидан, эмбрионлардан ва репродуктив аъзоларнинг тўқималаридан, шунингдек суррогат оналикдан фақат идоравий органлар томонидан тасдиқланган қатъий тиббий кўрсаткичларга биноан оила қурган эр-хотин фойдаланиши мумкин.

Ёрдамчи репродуктив технологиялар қўллангани тўғрисидаги, шунингдек даволанувчининг, донорнинг шахси тўғрисидаги маълумотлар шифокор сири ҳисобланади. Шифокор сири ҳисобланган ахборотни даволанувчининг розилигисиз тақдим этишга Ўзбекистон Республикаси қонунида назарда тутилган ҳолларда йўл қўйилади.

Ёрдамчи репродуктив технологиялардан фойдаланиш тартиби, уларни қўллашга қарши монеликлар ва чекловлар идоравий органлар томонидан тасдиқланади.

17-модда. Билган ҳолдаги розилик

Инсоннинг репродуктив саломатлиги соҳасига тиббий аралашув фақат инсоннинг тиббий аралашувга доир маълумотларни билган ҳолдаги белгиланган намунадаги ихтиёрий ёзма шаклдаги розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

Манфаатдор шахсга аралашувнинг мақсади ва хусусияти, унинг оқибатлари ва эҳтимолдаги хавфли жиҳатлари тўғрисида олдиндан ахборот тақдим этилиши кафолатланади. Манфаатдор шахс исталган вақтда билган ҳолдаги розилигини монеликсиз қайтариб олиши мумкин.

Билган ҳолдаги розилик шакли идоравий органларнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари билан тасдиқланади.

Ёрдамчи репродуктив технологияларнинг услублари қўлланишига ёзма шаклда ўз розилигини берган шахс (шахслар), уларда фарзанд туғилган тақдирда, туғилишни қайд этиш дафтарида Ўзбекистон Республикасининг оила тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда унинг ота-онаси деб ёзиб қўйилади ҳамда оналик ва оталик низолашилган тақдирда, ушбу ҳолатни важ қилиб кўрсатишга ҳақли эмас.

18-модда. Жинсий ҳужайралар ва жинсий аъзолар тўқималари донорлиги

Ўн саккиз ёшдан ўттиз беш ёшгача бўлган, жисмоний ва руҳий жиҳатдан соғлом, тиббий-генетик текширувдан ўтган эркаклар ва аёллар жинсий ҳужайралар, эмбрионлар ва репродуктив аъзолар тўқималарининг донори бўлиш ҳуқуқига эга.

Ҳужайралар, эмбрионлар ва репродуктив аъзолар тўқималарининг донорлиги пуллик ва бепул асосда, донорнинг (донорларнинг) билган ҳолдаги ихтиёрий ёзма розилиги мавжуд бўлган тақдирда амалга оширилади, унда: ўтказилажак тиббий муолажанинг ўзига хос хусусиятлари; эҳтимолдаги хавф, ножўя таъсирлар ва асоратлар ҳақидаги маълумотлар; донорликнинг ҳуқуқий оқибатлари кўрсатилиши керак.

19-модда. Эмбрионлар донорлиги

Тўлиқ оила шаклланиб бўлганидан (фарзанд туғилганидан) кейин банкда фойдаланилмаган криоконсервацияланган эмбрионлари қолган экстракорпорал уруғлантириш дастури даволанувчилари эмбрионлар донори бўлиши мумкин.

Эмбрионлар донорлик ооцитларини донор манийси билан уруғлантириш натижасида ҳам олиниши мумкин.

Эмбрионлардан донорлик мақсадида фойдаланиш фақат донорларнинг-даволанувчиларнинг эркин қарори ва билган ҳолдаги ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

Инсон эмбирионларини фақат илмий-тадқиқот мақсадларида ва клонлаштириш учун олиш тақиқланади.

20-модда. Жинсий ҳужайралар, эмбрионлар ва репродуктив аъзолар тўқималарини криоконсервация қилиш

Фуқаролар ўз жинсий ҳужайраларини, эмбрионларини ва репродуктив аъзолари тўқималарини мазкур фаолият тури билан шуғулланиш учун лицензияси мавжуд бўлган тиббиёт ташкилотларида криоконсервация қилиш ҳамда сақлаб қўйиш ҳуқуқига эгадир.

Жинсий ҳужайраларнинг, эмбрионларнинг ва репродуктив аъзолар тўқималарининг криоконсервацияси билган ҳолдаги (белгиланган намуна бўйича) ёзма розилик асосида амалга оширилади.

Фуқароларга жинсий ҳужайраларни, эмбрионларни ва репродуктив аъзолар тўқималарини криоконсервация қилиш ҳуқуқи тиббий-ижтимоий кўрсаткичлар бўйича касаллиги ва (ёки) бажараётган касбий фаолияти сабабли насл қолдириш салоҳиятини йўқотиш хавфи бўлган ҳолларда кафолатланади.

Тиббий-ижтимоий кўрсаткичларнинг рўйхати ҳамда жинсий ҳужайраларни, эмбрионларни ва репродуктив аъзолар тўқималарини сақлаш тартиби ижро этувчи давлат ҳокимияти органлари томонидан белгиланади.

21-модда. Донорликнинг ҳуқуқий оқибатлари

Жинсий ҳужайраларнинг, эмбрионларнинг ва репродуктив аъзолар тўқималарининг донорлари бўлғуси болага нисбатан ота-оналик мажбуриятларини ўз зиммасига олмайди ва айни чоғда ҳамда келгусида боланинг шахсини ва ҳақиқий ота-онасини аниқлаш ҳуқуқига эга эмас.

Ортиб қолган жинсий ҳужайралар, эмбрионлар ва репродуктив аъзолар тўқималаридан илмий-тадқиқот ва бошқа мақсадларда донорнинг (донорларнинг) ёзма розилиги билангина фойдаланиш мумкин.

Тиббиёт ташкилотлари жинсий ҳужайралар донорлари ягона банкининг минтақавий базасига жинсий ҳужайраларни топшириш даврийлиги тўғрисида маълумотлар тақдим этиши шарт.

22-модда. Суррогат оналик

Руҳий ва жисмоний жиҳатдан соғлом йигирма икки ёшли ва ундан катта ёшдаги ўзининг соғлом фарзанди бўлган аёллар суррогат она бўлиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қайд этилган никоҳда турган аёл фақат эрининг ёзма розилиги билан суррогат она бўлиши мумкин.

Суррогат оналик дастурини қўллаш билан боғлиқ муносабатларни ҳуқуқий расмийлаштириш суррогат онанинг билган ҳолдаги ихтиёрий розилиги асосида амалга оширилади.

Суррогат она ўзи туққан болани ўзи билан шартнома тузган шахсларга беришни рад этиш ҳуқуқига эга эмас.

Суррогат она бир вақтнинг ўзида тухумҳужайра донори ҳам бўлиши мумкин эмас.

Суррогат оналик дастурини ўтказиш тартиби ва шартлари Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланади.

23-модда. Ёрдамчи репродуктив технологиялар қўлланилганда шифокор сирини сақлаш

Ёрдамчи репродуктив технологиялар қўлланилгани тўғрисидаги, шунингдек даволанувчининг, донорнинг, суррогат онанинг шахси тўғрисидаги маълумотлар шифокор сирини ташкил этади.

Шифокор сирини ташкил этувчи ахборотни даволанувчининг, донорнинг, суррогат онанинг розилигисиз тақдим этишга Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда йўл қўйилади.

24-модда. Фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш бўйича профилактика чора-тадбирлари

Фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш бўйича профилактика чора-тадбирлари тизими қуйидаги тадбирларни ўз ичига олади:

  • фуқароларнинг репродуктив саломатлигини бузувчи хавфларни, шу жумладан атроф-муҳит ва ишлаб чиқариш омилларини аниқлаш;
  • репродуктив саломатлик соҳасидаги бузилишларни аниқлаш ва даволаш мақсадида фуқароларнинг мажбурий (дастлабки ва даврий) профилактик тиббий кўрикларни ўтказиш;
  • репродуктив ёшдаги фуқароларни, ҳомиладорларни, оналар ва оталарни репродуктив саломатликнинг бузилиши хавф борлиги ва уни реабилитация қилиш тўғрисида хабардор этиш;
  • оммавий ахборот воситаларида фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлашга доир таълим дастурлари ва илмий дастурларни амалга ошириш;
  • аввало, фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш ва мустаҳкамлашга кўмаклашадиган ҳаёт тарзини ва усулини оммалаштириш орқали фуқароларни соғлом турмуш тарзини юритишга ва профилактика тадбирларида иштирок этишга ундовчи тизимни вужудга келтириш;
  • соғлом ва амалда соғлом фуқароларга тиббий хизмат кўрсатиш тизимни жорий этиш;
  • аҳолини (шу жумладан болалар ва ўсмирларни) репродуктив тизими аъзоларининг ижтимоий аҳамиятга молик касалликлар ривожланиши хавфи бўлган гуруҳларини ажратган ҳолда диспансеризация қилиш ва якка тартибдаги профилактика дастурларини ишлаб чиқиш;
  • менопауза ва андропауза даврида аёллар ҳамда эркаклар саломатлиги бузилишларини профилактика қилишга доир комплекс чора-тадбирларни вужудга келтириш;
  • фуқароларга тиббий-генетик ёрдам кўрсатишни такомиллаштириш, ҳомила аномалияларини эрта аниқлаш учун янги перинатал технологияларни жорий этиш;
  • никоҳ тузаётган шахсларнинг никоҳгача бўлган тиббий текширувга тўлиқ қамраб олинишини таъминлаш, наслий ва туғма касалликлар, шунингдек жинсий йўл билан ўтувчи инфекциялар профилактикаси бўйича уларнинг ўртасида тушунтириш ишларини ўтказиш.

25-модда. Контрацепциядан фойдаланиш

Фуқаролар контрацепция услубларини танлаш, улардан фойдаланиш, шунингдек уларни рад этиш ҳуқуқига эгадир.

Фуқароларга соғлиғининг ҳолатини, ёшини ва шахсий хусусиятларини ҳисобга олган ҳамда эҳтимолдаги ҳар қандай номақбул оқибатлари ҳақида огоҳлантирган ҳолда контрацепция услубларини алоҳида танлаш бўйича тиббий ёрдам кўрсатилади.

Фуқаролар контрацепциянинг жарроҳлик усулини ихтиёрий равишда қўллаш ҳуқуқига эга.

Жарроҳлик контрацепцияси ушбу контрацепция услубининг қайтарилмас эканлиги тўғрисида албатта олдиндан хабардор этган ҳолда вояга етган, муомалага лаёқатли фуқаронинг ёки эр-хотиннинг (никоҳда турган бўлса) ёхуд васийларнинг (муомалага лаёқатсизлик ҳолатида) ихтиёрий ёзма аризасига кўра ўтказилиши мумкин.

Ихтиёрий жарроҳлик контрацепциясини ўтказиш тартиби ва шартлари Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланади.

26-модда. Ҳомиладорликни сунъий тўхтатиш

Ҳомиладорликни сунъий тўхтатиш аёлнинг хоҳишига кўра ҳомиладорликнинг ўн икки ҳафтагача бўлган муддатида; ижтимоий кўрсаткичлар бўйича – ҳомиладорликнинг йигирма икки ҳафтагача бўлган муддатида, ҳомиладорнинг ҳаётига хавф солувчи тиббий кўрсаткичлар мавжуд бўлганида ва ҳомила патологиясида: ҳомиланинг ривожланишида ва ҳолатида ҳаёт учун номақбул, моноген генетик касалликлар, тузатиб бўлмайдиган туғма нуқсонлар мавжуд бўлганда – ҳомиладорлик муддатидан қатъий назар ўтказилади.

Тиббиёт муассасалари ҳомиладорликни тиббий кўрсаткичларга кўра сунъий тўхтатиш ёки тўхтатишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилган аёлни унинг соғлиғи учун ҳар қандай эҳтимолдаги салбий оқибатлар ҳақида хабардор этиши шарт.

Ҳомиладорликни сунъий тўхтатиш ушбу турдаги тиббий фаолиятни амалга ошириш учун лицензияга эга бўлган давлат соғлиқни сақлаш тизими муассасаларида, шунингдек хусусий соғлиқни сақлаш муассасаларида ўтказилади.

Ҳомиладорликни сунъий тўхтатишни ўтказиш тартиби ва шартлари, ҳомиладорликни сунъий тўхтатиш учун тиббий кўрсаткичларнинг рўйхати Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланади.

Ҳомиладорликни сунъий тўхтатиш тартибини бузиш ва уни қонунга хилоф равишда ўтказиш Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида белгиланган маъмурий ёки жиноий жавобгарликка сабаб бўлади.

27-модда. Низоларни ҳал этиш

Фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш соҳасидаги низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.

28-модда. Фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик

Фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.

29-модда. Ушбу Қонуннинг ижросини, етказилишини, моҳияти ва аҳамияти тушунтирилишини таъминлаш

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Адлия вазирлиги ва бошқа манфаатдор ташкилотлар ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти тушунтирилишини таъминласин.

30-модда. Қонун ҳужжатларини ушбу Қонун билан мувофиқлаштириш

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

  • ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;
  • давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.

31-модда. Ушбу Қонуннинг кучга кириши

Ушбу Қонун расман эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.


Ўзбекистон Республикасининг

Президенти