Тиббиёт муассасаларида кохлеар имплантация учун беморларни танлаб олиш тўғрисидаги низом тасдиқланади

Тиббиёт муассасаларида кохлеар имплантация учун беморларни танлаб олиш тўғрисидаги низом тасдиқланади

Тиббиёт муассасаларида кохлеар имплантация учун беморларни танлаб олиш тўғрисидаги низом тасдиқланади

  • 15-03-2019

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг “Тиббиёт муассасаларида кохлеар имплантация учун беморларни танлаб олиш ва операция ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори лойиҳаси жойлаштирилди.

Ҳужжат билан тиббиёт муассасаларида кохлеар имплантация учун беморларни танлаб олиш ва операция ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақидаги Низом тасдиқланиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири (А.Қ.Шодмонов)га:

2019 йилдан бошлаб, болаларда эшитиш бузилишларини эрта ташхислаш мақсадида туғруққа кўмак берувчи муассасаларда янги туғилган чақалоқларни скринингдан ўтказишни ташкил қилиш;

карлик ва эшитиш заифлиги бўлган болаларни даволаш ва реабилитация қилишда инновацион технологияларни жорий қилиш ва ўрнатилган тартибда жаҳоннинг етакчи ишлаб чиқарувчиларидан кохлеар имплантларини харид қилишни давом эттириш;

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими ва Мактабгача таълим вазирликлари билан биргаликда кохлеар имплантларни ишлаб чиқарувчилар ва етказиб берувчилар ҳамкорлигида Республиканинг барча минтақаларида карлик ва эшитиш заифлиги бўлган болаларни операциядан кейинги реабилитация қилиш дастурини ишлаб чиқиш ва татбиқ этишни ташкиллаштириш вазифалари юклатилади.

Тиббиёт муассасаларида кохлеар имплантация учун беморларни танлаб олиш ва операция ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга кўра, давлат бюджети маблағлари ҳисобига кохлеар имплантация операциялари ўтказиладиган Муассасаларга қуйидагилар киради:

Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий амалий тиббиёт маркази;

кохлеар имплантация операцияларини ўтказишга имконияти бўлган Давлат ва нодавлат тиббиёт марказлари.

Давлат бюджети маблағлари ҳисобига болаларда бажарилган кохлеар имплантация операциясидан кейинги реабилитация тадбирларини ўтказиш Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими ва Мактабгача таълим вазирликлари томонидан ишлаб чиқарилган меъёрий ҳужжатлар асосида амалга оширилади.

Кохлеар имплантация операцияси бемор бола 5 ёшга тўлгунга қадар ўтказилганда ижобий натижа беришини ҳисобга олиб, Давлат бюджети маблағлари ҳисобига харид қилинган имплантантлардан самарали фойдаланиш учун улар 5 ёшга тўлмаган болаларга бепул тақдим этилади.

Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан ҳар бир беморга фақат бир томонлама кохлеар имплантация операцияси бепул бажарилади.

5 ёшга тўлмаган бемор болаларнинг ота-оналари, уларнинг ўрнини босувчи шахслар ёки ҳомийлари бюджет маблағлари ҳисобига харид қилинган имплантант ҳисобига амалга ошириладиган кохлеар имплантация операциясини ўтказиш бўйича шакллантирилган навбатни кутишни истамаган тақдирда, имплантантни ўзлари сотиб олишлари мумкин.

Бемор болаларга кохлеар имплантация операцияларини ўтказиш ва бемор болаларни кохлеар имплантация операцияларини ўтказиш учун Муассасага қабул қилиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 5 сентябрдаги 696-сонли қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги тиббиёт ташкилотларида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобига тиббий ёрдам кўрсатиш тартиби тўғрисида”ги Низомга мувофиқ худудий Соғлиқни сақлаш бошқармалари томонидан берилган йўлланма асосида амалга оширилади.

Кохлеар имплантация операцияларини ўтказувчи Муассасада аудиологик, нур диагностикаси, сурдопедогогик, логопедик, психоневрологик, лаборатор ва бошқа махсус клиник текширувларни, операциядан кейин нутқ процессорини мослашни ўтказиш шароити бўлиши керак. Агар Муассасада улардан баъзилари бўлмаган ҳолда кўрсатилган тадбирларни амалга оширувчи муайян давлат ва нодавлат даволаш-диагностика муассасалари билан доимий асосда тузилган шартномалари бўлиши шарт. Бу даволаш-диагностика муассасалари хулосалари муассасанинг раҳбари имзоси ва муҳри билан тасдиқланган ҳолда тақдим этилиши керак.

Ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан тайёрланиши керак бўлган ҳужжатлар:

Муассаса ва бемор болаларнинг ота-онаси, унинг ўрнини босувчи шахслар ўртасида кохлеар имплантация оперциясини ўтказиш ва ундан кейинги узоқ муддатли реабилитация тадбирларини ўтказишга тайёрлиги ва розилигини тасдиқловчи шартнома;

бемор боланинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаси ва нусхаси;

бемор боланинг охирги бир ой ичида олинган 3х4 см ҳажмдаги фотосурати;

бемор боланинг ота-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатлар (паспорт) ва нусхалари;

беморни тўлиқ текширишдан ўтказган ваколатли даволаш-ташхислаш муассасасининг амбулатор ёки/ва стационар карталарининг кўчирмаси;

масъул шифокор-оториноларинголог, сурдопедагог, психоневролог, невропатолог, педиатр, анестезиолог хулосалари, аудиологик, чакка суяклар МСКТ, бош мия ва чиғаноқ МРТ (CD 2 нусхада ёзилган бўлиши керак), ЭЭГ ва кўрсатма асосида бажарилган бошқа текшириш натижалари, текширув ўтказилган муассасасининг раҳбари имзоси ва муҳри билан тасдиқланган хулосаси.

Қуйидаги ҳолатлар кохлеар имплантация операциясини ўтказишга кўрсатмалар ҳисобланади:

икки томонлама сенсоневрал карлик (ўртача товуш қабул қилиш 0,5, 1, 2, 4 кГц частоталарда 90 дБ дан ортиқ);

икки томонлама IV даражадаги эшитиш нейросенсор заифлашуви (ўртача товуш қабул қилиш 0,5, 1, 2, 4 кГц частоталарда 71 дБ дан ортиқ;

бир томонда IV ва бошқа томонда III даражадаги эшитиш нейросенсор заифлашуви мавжуд ва нутқни ва эшитишни ривожлантирувчи бошқа реабилитация тадбирлари етарли самара бермаган ҳолатлар;

бола илк ёшидан эшитиш аппаратидан доимий равишда фойдаланган ва самараси паст бўлганлигига қарамасдан оғзаки кўникмалар шаклланганлиги;

эшитиш аппарати қўлланилганда кўп бўғинли сўзларни 40 фоиздан, бир бўғинли сўзларни 20 фоиздан кам бўлмаган даражада англаш;

фақат паст, ўрта частотали товушларни, 1-2 метр масофадан шартли рефлектор реакциялари ёрдамида юқори частотали товушларни қабул қила олиш;

паст, ўрта ва юқори частотали нутқсиз товушларга 3 метрдан кам бўлмаган масофадан беихтиёр ва ихтиёрий реакциялар мавжудлиги;

баланд товуш ва овозларни эшитиш реакцияларининг ривожланишида ижобий ўзгаришлар мавжудлиги;

имо-ишорадан фойдаланмаган ҳолда сўзловчининг юзидан унинг сўзлаётганлигини тушуниш;

овоз фаоллигининг ошиши, ундош ҳарфларга артикуляция товушларининг мавжудлиги;

оптимал танланган ва созланган эшитув мосламасидан олти ой мобайнида мунтазам фойдаланиш ижобий натижа бермаган, тақдирда.

Шаклланган икки томонлама сурункали карлик мавжуд болалар нутқи шакллангандан кейин (постлингвал) навбат асосида;

Менингит касаллиги натижасида эшитиш қобилиятини икки томонлама йўқотган бемор болаларда, кохлеар имплантация операцияси ўтказишга қарши кўрсатмалар бўлмаган беморларга 6 ой ичида кохлеар имплантация операцияси ўтказилади ва уларга имплантат бепул асосида тақдим этилади. Бемор бола менингит касаллиги натижасида эшитиш қобилиятини йўқотган вақт унинг касаллик тарихидан кўчирма асосида аниқланади ва 6 ой давомида олиб борилган реабилитация тадбирларини ўтказган муассаса раҳбари имзоси ва муҳри билан тасдиқланган хулосаси тақдим этилади.